“Буюк ипак йўлида умуминсоний ва миллий қадриятлар: тил, таълим ва маданият” мавзусида 2017-йил 23-24-июнь куни Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Хитой халқ республикасининг Шанхай хорижий тиллар университети билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг таклифига биноан 2017-йил давлат ташрифи чоғида Пекин шаҳрида 14-15-май кунлари бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида иштирок этиб нутқ сўзлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида “Қадимда турли минтақаларнинг ўзаро алоқасида Буюк Ипак йўлининг роли беқиёс бўлган. Буюк Ипак йўли нафақат ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки давлатлар ва қитъалар ўртасида ахборот алмашувини таъминлашга хизмат қилган, янги маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари тарқалишида, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган ва шу тариқа цивилизатсиялараро мулоқот учун шарт-шароитлар яратилган. Ҳозирги даврда бу йўлнинг қайта тикланиши деб баҳоланаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутиши” ҳақида тўхталиб ўтдилар. 2017-йил 23-24-июнь куни Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Хитой Халқ республикасининг Шанхай хорижий тиллар университети билан ҳамкорликда “Буюк Ипак йўлида умуминсоний ва миллий қадриятлар: тил, таълим ва маданият” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман Президентимизнинг юқоридаги фикрларига ҳамоҳангликда ўтказилди.

Халқаро илмий-амалий анжуманнинг мақсади Буюк Ипак йўлининг жаҳон цивилизацияси ривожланишида тутган ўрни, Ўзбекистон, Хитой ва бошқа давлатларнинг тили, таълими, маданияти ва тарихи, Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган давлатларда умуминсоний ва миллий қадриятлар ҳамда уларни ушбу давлатларнинг тарихий ривожланишидаги роли, салмоғи, шунингдек, хорижий тиллар таълимининг долзарб муаммолари, тилшуносликнинг замонавий таҳлил усуллари кабиларни муҳокама қилишдан иборатдир.

Унда Шанхай хорижий тиллар университетидан: Ванг Нинг, Вей Жиншен (ХХР), Корея Ханкук университетидан Хванг Сунгдон, Халқаро ЖИCА ташкилотидан Марико Шишидо ва 10 дан ортиқ институт ва СамДЧТИ қошидаги Конфуций институтида фаолият кўрсатган хорижий ўқитувчилар ҳамда ЎзМУ, ЎзДЖТУ, ТошДАУ, ТДШИ, ФарДУ, Қўқон ДПИ, Андижон машинасозлик институти, АДУ, НавДПИ, ҚарДУ, ЖДПИ, ТермДУ, ГулДУ, УрДУ, СамТИ, СамДУ, ТАТУ, АВХТХҚТУМОИ, СамДАҚИ, СамМИ, Нукус ДПИ каби олий таълим муассасалари, малака ошириш институтларидан  200 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистрантлар иштирок этишди.

Конференциянинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган азим Самарқандда ўтказилиши рамзий маънога эга. Ушбу анжуман мамлакатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.

http://www.samdchti.uz/upload/images/Yangiliklar/2017-06/cd39b63b6dcc84b29bdabcc6022ffb98.jpg

http://www.samdchti.uz/upload/images/Yangiliklar/2017-06/972cf69219f632651210c231ec91652e.jpg

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*