САМАРҚАНД ШАҲРИДА “ИЛМ-ФАН ФЕСТИВАЛИ”

Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, инновацион жараёнларнинг ривожланиш даражаси, улардан мамлакат равнақи йўлида олинадиган самаранинг кўлами, миқдори ёшлар ва улардаги салоҳият, ушбу салоҳиятдан фойдаланиш даражаси билан узвий боғлиқ. Ёшлар табиатан янгилик ва ўзгаришларга мойил, интилувчан, қобилиятли, ҳаракатчан бўлганлиги сабабли уларнинг миллий иқтисодиётнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашда, дунё мамлакатлари орасидаги рақобатда устунликни таъминлашда ўрни муҳимдир.

2017 йил 21 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси ва унинг Самарқанд вилояти бўлими томонидан “Ёшлар ва инновацион жараёнлар мавзусида бўлиб ўтган республика “Илм-фан фестивали”фикримизнинг яққол далилидар. Бу фестивал Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмасининг ёшларнинг илмий фаолиятига инновацион ёндошуви бўлиб, “Олима” уюшмасининг Самарқанд вилояти филиали эстафетани бошлаб беришининг ўзига хос сабаблари бор. Чунки, илм-фан ва таълим тизимини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни камол топтириш, уларда илмий кўникмаларни шакллантиришда Самарқанд вилояти олималарининг ўрни беқиёсдир. Ҳозирги кунда вилоят олималари ичида 15 нафари фан докторлари ( вилоят фан докторларининг 8,8%), 180 нафар фан номзодлари (вилоят фан номзодларининг 21,8%) ва 96 нафар катта илмий ходим изланувчилар ва мустақил изланувчилар (36,2%) дир. Самарқанд вилоятида бошланган ушбу фестивал келгусида Республикамизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри бўйлаб давом этади.

Илм-фан фестивали Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ташкил этилди. Фестивал ёш олималарнинг инновацион ғоялар, технология ва лойиҳаларининг кўргазмаси намойиши билан очилди ва “Инновацион жараёнларни ривожлантиришда олималарнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий анжуман билан давом эттирилди. Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси т.ф.д., профессор Р.Ҳ.Муртазаева, Самарқанд бўлими раҳбари и.ф.н., доцент Д.Х.Асланова,Ўзбекистон Хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси ўринбосари, т.ф.д., профессор З.Р.Ишанходжаева, Тошкент шаҳар “Олима” уюшмасининг раиси ф.ф.д, профессор М.А.Нурматова, и.ф.д. СамДУ профессори М.Алимова, уюшманинг Бухоро вилояти бўлими раҳбари ф.ф.д., профессор А.О.Ҳусейнова, Ўзбекистон Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва мониторинг қилиш мустақил институти Ёшлар билан ишлаш сектори раҳбари А.Х.Холмахматовлар ўзларининг қизиқарли маърузалари билан иштирок этдилар. Тадбир сўнггида IV-Республика “Илм юлдузлари” интеллектуал кўрик танловининг Самарқанд вилояти босқичи ғолиблари дипломлар, сертификатлар ва совғалар билан тақдирланди.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*